Ўзбекистонда ойликнинг бир қисми натура шаклида берилиши мумкин

Ходимларга ойликнинг 30 фоизи қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари шаклида берилишиша рухсат этилиши мумкин.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 янв — Sputnik. Ўзбекистонда иш ҳақининг бир қисмини натура (турли маҳсулот) билан тўлаш режалаштирилмоқда. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги буни кўзда тутувчи қарор лойиҳасини муҳокамага қўйган.
Вазирликнинг тушунтиришига кўра, фақат 2 та ҳолатда иш ҳақини натура шаклида бериш таклиф қилинмоқда.
Қайд этилишича, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг 256-моддаси тўртинчи қисмига кўра меҳнатга натура шаклида ҳақ тўлаш тақиқланган, бундан ҳукумат белгилаган ҳоллар мустасно экани белгиланган.
Қарор лойиҳасида бу мустасно ҳолатлар ҳам белгиланмоқда, яъни қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари етиштирган ва қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, уй ишчисини озиқ-овқат ва уй-жой билан таъминлаш учун меҳнатга натура шаклида ҳақ тўлашга рухсат этилиши мумкин.
Бунда, қуйидаги талаблар мавжуд бўлиши белгиланмоқда:
ходим рози бўлиши, яъни иш ҳақини натура шаклида тўлаш меҳнат шарномада кўрсатилиши;
ходимнинг ойлик иш ҳақининг 30 фоизидан ортиқ бўлмаслиги;
ходим шахсий истеъмоли ва унинг оиласи учун мос ва фойдали бўлиши;
қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари томонидан тақдим этилаётган товар нархи унинг таннархидан юқори бўлмаслиги;
уй ишчисининг иш берувчилари тақдим этаётган товар ҳақиқий бозор нархидан юқори нархда тақдим этилмаслиги лозим.
Лойиҳа бўйича иш ҳақини натура шаклида ҳақ тўлаш мумкин бўладиган ҳолатлар фақатгина юқорида кўрсатилган 2 та ҳолатда рухсат этилиши мумкин бошқа соҳаларда ва бошқа ходимлар тоифаларига иш ҳақини натура шаклида тўлаш тақиқланади.
Лойиҳа муҳокамасида 25 январгача қатнашиш мумкин.