Мирзиёев давлат ташрифи билан Сингапурга боради

Мирзиёев Сингапур президенти билан олий даражада учрашув ва музокаралар ўтказади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 янв — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сингапур президенти Ҳалима Яқубнинг таклифига биноан 16-18 январь кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлади.
Ўзбекистон етакчиси матбуот хизмати хабарига кўра, ташриф дастурига мувофиқ Сингапур президенти Ҳалима Яқуб ва мамлакат бош вазири Ли Сянь Лун билан олий даражада учрашув ва музокаралар ўтказилиши режалаштирилган.
Кун тартибидан кўп қиррали Ўзбекистон-Сингапур муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари ўрин олган.
Савдо-иқтисодий, инвестиция, инновация ва транспорт-коммуникация соҳаларида, шунингдек, давлат бошқаруви ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш борасидаги амалий ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади. Ушбу йўналишларга доир икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўплами музокаралар якунида имзолаш учун тайёрланмоқда.
Бундан ташқари, Мирзиёев Сингапурнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашув ўтказади. Ташриф арафасида икки мамлакат ишбилармон доираларининг бизнес форуми бўлиб ўтади.