Бу қизиқ

Гепатит B га қарши вакцина самарадорлигини ошириш йўли топилди

Гепатит — вирусли касаллик. Унга чалинган беморларда жигар ҳужайралари зарарланиши кузатилади. Оқибатда организмда интоксикация юз беради.
Sputnik
Гепатит В — ушбу хасталик турлари орасида энг хавфлиси. Дунё бўйича йилига минглаб инсонлар мазкур вирус туфайли вафот этади. У қон ва одам организмидан ажраладиган бошқа суюқликлардан ёки онадан ҳомилага юқади.
Германия ва Швейцария олимлари гепатитнинг ана шу турига қарши вакцина самарадорлигини ошириш бўйича ўзаро ҳамкорликда изланиш олиб борди. Тадқиқот жониворларда синовдан ўтказилди, деб хабар беради Ўзбекистон ССВ.
Маълум бўлишича, “TherVacB” вакцинаси самарадорлиги унинг таркибидаги “CD4 Т ҳужайралари” деб аталувчи компонентлар миқдори, фаоллиги ва жавоб реакцияси кучига боғлиқ.
Соддароқ қилиб айтилса, агар организмда CD4 Т ҳужайралари кам ва уларнинг вакцинага жавоби заиф бўлса, бу ҳолда гепатит B вирусига қарши антитаналар ишлаб чиқарилмайди.
Олимлар фикрича, вакцина таъсирини кучайтирувчи тегишли моддалар ёрдамида бу ҳужайралар сонини ва эмлашга нисбатан жавоб реакциясини ошириш мумкин.
Янгилик шу йилнинг ёз ойларида инсонларда клиник синовдан ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, гепатит B нинг қўзғатувчиси инсон танасидан ташқарида узоқ вақт яшай олади. Аксарият беморлар касалликни мустақил равишда енгиши мумкин. Аммо иммунитети заиф кишилар учун вирус жиддий хавф туғдиради.