ТОШКЕНТ, 15 янв — Sputnik. Бухоро ва Сирдарё вилоятларидаги мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида таътил муддати 17 январга қадар узайтирилди.
Вилоят ҳокимликлари бу қарорга мазкур ҳудудларда совуқ об-ҳаво шароити сақланиб қолаётгани сабаб келишган. Аввалроқ бу ҳудудларда ўқиш 16 январдан бошланиши маълум қилинганди.
“Ўқув машғулотлари 18 январь, чоршанба кунидан бошланади”, - дейилади ҳокимликлар хабарида.
Сирдарё вилояти ҳокимлигини маълум қилишича, ўқишни бошлашнинг аниқ муддатини белгилаш қарори нафақат таълим муассасалари маъмурияти, балки ота-оналар ва педагогик таркиб билан маслаҳатлашган ҳолда қабул қилинган. Вилоятда 325 та мактаб ва 199 та боғча бор.
Аввалроқ Фарғона вилоятидаги мактаб ва боғчаларда таътил яна узайтирилгани ва дарслар 18 январдан бошланиши хабар қилинган эди.