Совуқ кунларда ташқи банкоматлар музлаб, пул бермай қолиш эҳтимоли бор – Марказий банк

Совуқ ҳаво шароитида ташқарида ўрнатилган банкоматлардан фойдаланмаслик тавсия этилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 янв — Sputnik. Совуқ кунларда айрим банкоматларнинг резинкалари музлаб қолиши оқибатида пул бериш ва пул санашда хатоликлар кузатилиши мумкин. Бу ҳақда Марказий банк матбуот котиби Акмал Назаров Sputnik мухбирига маълум қилди.
Совуқ ҳаво шароитида ташқарида ўрнатилган банкоматлардан фойдаланмаслик тавсия этилмоқда.
Акмал Назаровнинг сўзларига кўра, бир нечта тижорат банклари мижозларга совуқ об-ҳаво шароитида ташқарида ўрнатилган банкоматлардан фойдаланишда эҳтиёт бўлишларини сўраб, мурожаат қилмоқда.
“Тўрт томони ўралган кабинадаги 24/7 режимидаги банкоматлар ишлайди, уларда кондиционери бор. Шунчаки айрим жойларда устини навес қилиб очиқ жойда қолган банкоматлар ишлашида узилиш бўлиши мумкин. Чунки улар минус градус учун мўлжалланмаган. Банкларга бў бўйича тушунтириш берилмоқда”, дейди Марказий банк матбуот котиби Акмал Назаров.
Тижорат банклари ўз мижозларидан 24/7 офисларининг эшикларини очиқ қолдирмасликларини сўрамоқда. Бу ҳолат шахобчалардаги банкомат, кондиционер, шунингдек бошқа техник воситаларнинг ишдан чиқишига олиб келиши мумкин.