Самарқанддан Санкт-Петербургга учаётган самолёт Москвага йўналтирилди

Бортида 179 йўловчиси бўлган самолёт "Домодедово"даги муқобил аэродромига қўнди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 янв — Sputnik. Самарқанддан Санкт-Петербургга учаётган самолёт Москвага бориб қўнди. Бу ҳақда Uzbekistan airports хабар берди.
Белгиланган аэропортдаги ноқулай об-ҳаво шароити (бўрон) туфайли “Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг “Самарқанд — Санкт-Петербург” йўналиши бўйича HY639 рейси Москвага йўналтирилди. Экипаж "Домодедово"даги муқобил аэродромга боришга қарор қилди.
Бортида 179 йўловчиси бўлган Airbus A321 самолёти Тошкент вақти билан соат 12:50 да аэропортга қўнди.
Маълумот учун, ноқулай об-ҳаво шароити туфайли маҳаллий ва халқаро йўналишлардаги парвозларнинг графикларида ўзгаришлар бўлмоқда. Асосан қуюқ туман маҳаллий аэропортлар фаолиятини чеклаб қўймоқда.