Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни ўртача 2,1 минг кишига ошмоқда

Шу йилнинг 1 январь ҳолатига республиканинг доимий аҳолиси 36 024 946 кишини ташкил этди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 янв — Sputnik. Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни ўртача 2,1 минг кишига ошмоқда. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси маълум қилди.
Шу йилнинг 1 январь ҳолатига республиканинг доимий аҳолиси 36 024 946 кишини ташкил этди.
Мамлакат аҳолиси ўтган йилда 753,6 минг кишига кўпайган. Аҳоли ҳар бир ойда ўртача 62,8 минг кишига ошган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони ўтган йил декабрь ҳолатига 36 миллиондан ошган эди. Аҳолининг 18,1 млн нафарини эркаклар, 17,9 млн нафарини аёллар ташкил этган. ФҲДЁ органлари томонидан 2022 йил давомида республика бўйича 939 046 та болаларнинг туғилиш қайд этилган. Бу кўрсаткич 2021 йилнинг мос даври билан солиштирилганда 12 826 тага кўп.