Ўзбекистон ва Ҳиндистон биргаликда ҳарбий ўқув машқлари ўтказади

Ўзбекистон ҳарбий делегацияси Ҳиндистоннинг Кумаон вилоятидаги Уттаракханд штатининг Питхорагарх шаҳридаги тоғли ҳудудда жойлашган Халқаро тайёргарлик полигонига ташриф буюрди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 янв — Sputnik. Шу йилнинг февраль-март ойларида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳамкорлигида ҳарбий ўқувлар ўтказилади. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги хабар берди.
Ўзбекистон ҳарбий делегацияси Ҳиндистоннинг Кумаон вилоятидаги Уттаракханд штатининг Питхорагарх шаҳридаги тоғли ҳудудда жойлашган Халқаро тайёргарлик полигонига ташриф буюрди.
Ўзбек-ҳинд ҳамкорлигида тактик ўқув машғулотлари
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад икки мамлакат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик режасига мувофиқ, ўтказилиши режалаштирилган “Дўстлик-2023” биргаликдаги ўзбек-ҳинд ўқувини мувофиқлаштиришдан иборат.
Учрашувда Ўзбекистон ҳарбий контингентини қабул қилиш ва жойлаштириш ҳамда таъминот масалалари келишиб олинди.
Маълумот учун, 2019 йилдан буён икки мамлакат ҳудудида ўзбек-ҳинд ҳамкорлигида тактик ўқув машғулотлари ўтказилиб келинмоқда. Бундай ўқувларда миллий ва глобал хавфсизлик соҳасида рўй бериши мумкин бўлган хатар ҳамда таҳдидларга қарши курашишнинг энг маъқул усул ва услубларини қўллаш, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар салоҳияти, профессионаллиги ҳамда маҳоратини ошириш борасида ўзаро тажриба алмашилмоқда.