ТОШКЕНТ, 12 янв — Sputnik. Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятовнинг шахсий телефон рақами орқали коррупцион ҳолатлар юзасидан мурожаатлар қабул қилиш бошланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Соғлиқни сақлаш вазирининг (+998-91) 403-17-73 шахсий телефон рақами орқали соҳадаги коррупциявий ҳолатлар юзасидан аниқ факт ва далилларга асосланган мурожаатлар қабул қилинади.
Бундан ташқари, мурожаатлар қуйидаги платформалар орқали ҳам қабул қилинади:
вазирлик қошида 24 соат фаолият олиб борувчи "1003" қисқа рақамли “Сall-марказ”;
Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармалари қошида мунтазам фаолият юритувчи "1103" қисқа рақамли “Сall-марказ”лар;
вазирликнинг янги ишга туширилган расмий телеграм-боти;
барча туман тиббиёт муассасаларининг фуқаролар гавжум бўладиган жойларига ўрнатилган ва тиббиёт маскани раҳбари билан боғланиш имконини берувчи “тўғридан-тўғри алоқа” линиялари;
вазирлик расмий веб-сайтида аҳолидан келиб тушаётган саволларга тезкор жавоб беришга мўлжалланган “Jivo” иловаси.
Маълумот учун, соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов 2023 йил тизимда “Коррупцияга қарши кураш йили” деб эълон қилган.