Рафиқ Нишонов вафот этди

У Ўзбекистон ССР Коммунистик партияси марказий қўмитасининг биринчи котиби, СССР Олий Кенгаши Миллатлар Кенгашининг раиси лавозимларида ишлаганди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 янв — Sputnik. Ўз вақтида Ўзбекистон ССР Олий кенгаши президиуми раиси, Ўзбекистон ССР Коммунистик партияси марказий қўмитасининг биринчи котиби бўлган Рафиқ Нишонов 97 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда марҳумнинг оиласига яқин ўзбек журналистикаси фахрийси Раҳимжон Султонов маълум қилди.
Расмий давлат манбаларида унинг вафот ҳақида ҳозирча маълумот берилмаган.
Рафиқ Нишонов 1926 йил 15 январда мардикор оиласида туғилган. Тошкент кечки педагогика институтини тарих фани ўқитувчиси мутахассислиги бўйича тамомлаган.
Председатель Совета Национальностей Верховного Совета СССР Рафик Нишанов.
Тарих фанлари номзоди. 1942 йилдан - Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани "Чирчиқ" колхозининг колхозчиси. 1943 йилда Бўстонлиқ тумани Ғазалкент қишлоқ Совети ижроия қўмитаси котиби. 1944 йилдан - Бўстонлиқ туман комсомол қўмитаси инструктори, иккинчи котиби. 1945-1950 йилларда Совет армияси сафларида хизмат қилган.
1951 йилдан Ўзбекистон Компартияси Тошкент шаҳар Октябрь туман қўмитаси инструктори, бўлим мудири, котиби бўлиб ишлаган. 1956 йилда Ўзбекистон Компартияси Тошкент шаҳар қўмитаси бўлимларидан бирининг мудири бўлган. 1959 йилдан - Ўзбекистон Компартияси Тошкент шаҳар Октябрь туман қўмитасининг биринчи котиби лавозимида фаолият юритган.
1962 йилдан - Тошкент шаҳар ижроия қўмитаси раиси, 1963 йилдан - Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг мафкура бўйича котиби, Бюро аъзоси бўлган.
1970 йилда у дипломатик ишга ўтади. СССР Олий Кенгаши президиумининг фармони билан у СССРнинг Шри-Ланкадаги ва бир вақтнинг ўзида Малдив республикасидаги элчиси, 1978 йилдан - СССРнинг Иорданиядаги элчиси этиб тайинланган.
1985 йилда Рафиқ Нишонов республикага қайтиб, Ўзбекистон ССР ташқи ишлар вазири этиб тайинланган. 1986 йил 9 декабрдан 1988 йил 9 апрелгача — Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши президиуми раиси, 1987 йил 29 июндан 1988 йил 24 майгача бир вақтнинг ўзида СССР Олий Совети президиуми раисининг ўринбосари, 1988 йил 12 январдан 1989 йил 23 июнгача — Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби, бир вақтнинг ўзида 1988 йил 24 майдан 1989 йил 25 майгача — Олий Кенгаш президиуми аъзоси (СССР), 1989 йил июндан 1991 йил сентябргача СССР Олий Кенгаши Миллатлар Кенгашининг раиси лавозимларида ишлаган.
1991 йил сентябрдан - СССР президентининг маслаҳатчиси бўлган.
2012 йилда Москвада, 2021 йилда Тошкентда унинг “Дарахтлар бўронгача яшнайди” – “Дарахтлар ям-яшил бўлиб қор бўронига” номли хотиралар китоби ўзбек ва рус тилларида нашр этилган.
Бир неча бор СССР ва Россиянинг орден ва медаллари билан тақдирланган. Хусусан, 90 йиллик юбилей арафасида Россия президенти Владимир Путиннинг фармони билан "Шон-шараф" ордени, 2021 йил январь ойида эса Александр Невский ордени билан тақдирланган. Совет даврида унга “Ўзбекистон ССРда хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони берилган.