Бир қатор мактаб ва боғчаларда қўшимча таътил эълон қилинди

Республиканинг яна икки ҳудудидаги мактаб ва боғчларда дарслар бошланиши 16 январгача кечиктирилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 янв — Sputnik. Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасидаги мактаб ва боғчаларда қўшимча таътил эълон қилинди.
Қайд этилишича, Хоразм вилояти ҳудудида кузатилаётган аномал совуқ ҳамда ота-оналарнинг мурожаатларини инобатга олиб, умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим ташкилотларига 13-14 январь кунлари қўшимча таътил берилмоқда.
Мактабларда дарс машғулотлари ва мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти 16 январдан бошланади.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасидаги барча олий таълим муассасалари ва ўрта махсус таълим ташкилотлари, умумий ўрта таълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотларининг таътил вақти 16 январгача узайтирилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро ва Фарғона вилоятларидаги барча умумтаълим мактаблари, ўрта махсус касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида ўқув жараёнлари 16 январдан бошланиши маълум қилинган эди.