ТОШКЕНТ, 11 янв — Sputnik. Қария ва кекса ёшдаги фуқаролар совуқ об-ҳаво шароити яхшилангандан сўнг пенсия тайинлаш учун мурожаат қилишлари мумкин. Бу ҳақда Пенсия жамғармаси маълум қилди.
Қайд этилишича, совуқ об-ҳаво шароитида пенсия тайинлаш ҳақидаги мурожаатни кечроқ амалга ошириш мумкин.
"Бу пенсияга бўлган ҳуқуқга таъсир қилмайди, яъни пенсиялар пенсия ёшига етган санадан тайинлаб берилади", - дейилади хабарда.
Бола туғилганда бериладиган бир марталик суюнчи нафақаси ва фуқароннинг вафоти муносабати билан бериладиган дафн нафақаси тайинлаш учун эса жамғармага мурожаат қилмасдан, "Халқ банки"нинг исталган филиалига бориб, нафақа пулини олиш мумкин.
Кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ва модий ёрдам тайинлангани ёки рад этилганлиги сабаблари тўғрисида фуқароларнинг телефон рақамларига СМС хабарлари юборилди.
Шунингдек, фуқаролар нафақаларни рад этилиши сабаблари тўғрисида батафсил маълумотлар олишлари учун маълумотлар маҳалла фуқаролар йиғинларига етказилди.
Бунда, фуқаролар бу маълумотларни Пенсия жамғармасига келмасдан маҳалла фуқаролар йиғинларига ёки Пенсия жамғармасининг 11-40 ишонч телефонига мурожаат қилиш орқали билиб олсалар бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 1 январдан бошлаб пенсияни ҳисоблашда инобатга олинадиган иш ҳақининг юқори чегараси 3 888 000 сўм этиб белгиланди.
Январь ойи тўлов рўйхатларига киритилган 4,4 млн нафар пенсия ва нафақа олувчилар учун талаб этилган маблағлар 5 январь кунига қадар тижорат банкларига тўлиқ молиялаштирилиб берилди. Ўз навбатида 2,6 млн нафар пенсия ва нафақа олувчиларга талаб этилган маблағларнинг 61 фоизи фуқароларга тўлаб берилиши таъминланди.