Валдис Пельш Нукус музейи ҳақида ҳужжатли фильм суратга олди

Таъкидланишича, фильм ижодкорлари фильмни имкон қадар динамик ва замонавий томошабин учун қизиқарли қилишга ҳаракат қилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 янв — Sputnik. Тез кунларда Россиянинг Биринчи каналида рус авангард тасвирий санъатининг дунёдаги иккинчи энг йирик коллекцияси - Савицкий номли Нукус Санъат музей ҳақида ҳужжатли фильм премьераси бўлиб ўтади. Картина муаллифи россиялик таниқли шоумен ва бошловчи Валдис Пельшдир, деб хабар беради РИA Новости.
Дунёдаги энг йирик рус авангард коллекцияси Россияда жойлашган бўлиб, турли музейлар ўртасида бўлинган: Третьяков галереяси, Россия музейи, Шарқ музейи ва бошқалар. Иккинчи энг йирик коллекция эса Ўзбекистонда.
Валдис Пельш РИA Новости агентлигига берган интервьюсида айтишига кўра, фильм Республика маданият ва санъатни ривожлантириш фонди кўмагида суратга олинган.
“Фильм рус авангард дурдоналарини яратган, уларни сақлаб қолганлар ҳақида. Масалан, Евгений Лисенконинг ишларини Ўзбекистондан бошқа жойда учратмайсиз. Унинг “Буқа”си Нукус музейининг ташриф қоғозидир”, - дея ўртоқлашади шоумен.
Игорь Савицкий томонидан тўпланган коллекцияда нафақат Туркистонда яшаган ёки унга келган рассомларнинг асарлари бор, балки Нукусдаги музей асосчиси Москва, Санкт-Петербург ва бошқа жойлардан бир қанча суратларни сотиб олган.
“Мен ҳеч қачон санъатшунослик мавзусида кино олмаган эдим, шунинг учун ушбу лойиҳа мен ва жамоам учун бу қандайдир маънода хатар эди. Лекин уч нафар рассом - Виктор Уфимцев, Александр Волков, Александр Николаев (Усто Мумин) ва икки нафар авангард санъатининг қадрини тушунган санъатшунос - Сергей Савицкий ва Георгий Костакилар иштирок этган чиройли ҳикоя пайдо бўлди. Костаки паспорти бўйича грек бўлган, у Москвада яшаб йирик коллекция тўплаган. Кейинчалик унинг ярмини Совет Иттифоқига совға қилган қолган ярмини олиб чиқиб кетган", - деб ҳикоя қилади Валдис Пельш.
Фильм ижодкорлари картинани имкон қадар динамик ва замонавий томошабин учун қизиқарли қилишга ҳаракат қилган.

“Масалан, биз рус авангард дурдоналарини “жонлантирамиз”, мен қаҳрамонлар образида бошқа объектлар билан бирга ҳаракат қиламан. Умуман олганда, бу классик санъат тарихи ҳикояси эмас, биз ҳар бир расмни узоқ вақт таҳлил қилмаймиз. Бунинг ўрнига бир картинани иккинчиси устига ташлаймиз. Буни қандайдир маънода саргузашт фильм ёки авантютра романи дейиш мумкин”, - деди Пельш.

Савицкий музейи Россия музейлари ва галереялари билан фаол ҳамкорлик қилади. Хусусан, 2023 йилда Савицкий музейи Третьяков галереяси билан биргаликда рус тасвирий санъатининг биринчи авангард рассомларидан бири ва Казимир Малевичнинг сафдоши бўлган рассом Aлексей Моргуновнинг кўргазмасини ўтказишни режалаштирмоқда. Рассом меросининг асосий қисми Нукусда сақланади ва Третьяков галереяси мутахассислари расмларни реставрация қилишда ёрдам беради.
Валдис Пельшнинг Ўзбекистон ҳақидаги фильми намойиш этилди – видео
Нукус музейига совет рассоми Игорь Савицкий асос солган. Унда 1910-1930 йиллардаги рус рассомлари асарларининг дунёдаги иккинчи энг катта коллекцияси жойлашган. Бугунги кунда музей коллекциясида 7 мингта картина, 20 минг варақ графика бор. Ундан ташқари рус авангарди иккинчи тўлқинининг ҳали ўрганилмаган кўплаб намуналари бор.