ТОШКЕНТ, 10 янв — Sputnik. Тошкент ҳайвонот боғи вақтинча ёпилди. Бу ҳақда боғ маъмурияти хабар берди.
Қайд этилишича, Тошкентда ёққан кучли қор туфайли ҳайвонот боғида дарахт шохлари сина бошлаган.
"Меҳмонларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида боғни вақтинча ёпишга қарор қилинди", - дейилади хабарда.
Ҳозирда боғ ҳудудидаги "Террариум", "Йиртқичлар" ва "Приматлар" бўлимларида ер ости иситиш тизими мавжуд.
Шунингдек, ҳайвонларнинг тоза ҳавода юриши, ёпиқ хонада сайр қилишлари учун корпуснинг ташқи ва ички қисмлари орасидаги кириш жойи доимо очиқ. Баъзи жониворлар вольерларига сомондан тайёрланган табиий иситувчи шолчалар қўйилган.
"Аквариум" бўлимида совуқ ҳавода содир бўлиши мумкин бўлган электр узилишлари вақтида, генераторлар ишга тушади. Буларнинг барчаси уларни доимий 24/7 режимида кислород билан таъминлаш учун амалга оширилади.
Қолаверса, жониворлар сақланадиган хонадаги умумий ҳарорат марказий иситиш тизими орқали таъминланади.