ТОШКЕНТ, 10 янв — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида мамлакатга кириб келган совуқ ҳаво таъсирини беталафот ўтказиш чораларига тўхталиб ўтди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби маълум қилди.
Президент барча туман ва ҳудудларда ташкил этилган штаблар узлуксиз ишлаши кераклиги, аҳоли эҳтиёжлари тезкор ҳал этиб борилиши шартлигини таъкидлади.
Ижтимоий соҳа объектларини энергия ва иссиқлик билан таъминлашни алоҳида назоратга олиш зарурлиги қайд этилди.
Мирзиёев барча даражадаги ҳокимларга тегишли идора ва ташкилотлар билан биргаликда йўлларни тозалаш ишларини ташкил этиш, транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатини таъминлашни топширди.
Барча серқатнов йўналишларда жамоат транспортининг узлуксиз ҳаракати таъминланиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Вазирлар Маҳкамаси раҳбарияти олдига ҳар бир вилоят, туман ва шаҳардаги аҳвол бўйича кунлик назорат ўрнатиб, жойлардаги муаммоларни тезкор бартараф этиш вазифаси қўйилди.
Эслатиб ўтамиз, шу кунларда Ўзбекистон аномал совуқ об-ҳаво кузатилмоқда. Ўзгидромет маълумотларига кўра, совуқ об-ҳаво шу ҳафтанинг охиригача сақланиб туради.