ТОШКЕНТ, 10 янв — Sputnik. Бугундан Чилонзор буюм савдо комплекси вақтинча ёпилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар берди.
Қайд этилишича, бозор ҳудудидаги 3-4 айвонлар ён томони ва 5-6 айвонлар орқа томонидаги йўлакларга ўрнатилган соябонлар қор оғирлигини кўтара олмай эгилиб тушган.
Мазкур ҳудуддаги фуқаролар ва тадбиркорлар хавфсизликни таъминлаш мақсадида эвакуация қилинди. Ҳодиса натижасида тан жароҳати олганлар йўқ. Бозордаги савдо дўконлари вақтинча ўз фаолиятини тўхтатиб туради.
ИИББ қор қалин сабабли мустаҳкам бўлмаган тўсинлар, соябонлар ва бошқа мосламалар остида юрмасликни сўраган.
Аввалроқ Тошкент ҳайвонот боғи ёққан қалин қор сабаб вақтинча ёпилгани хабар қилинган эди.