Икки рейс ноқулай об-ҳаво туфайли муқобил аэродромларга йўналтирилди

Ўзбекистонда ёққан қалин қор Дубай ва Москвадан учиб келган самолётлар йўналишини ўзгартирди - тафсилотлар.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 янв — Sputnik. Бугун тонгда Ўзбекистонга учиб келган самолётлар ноқулай об-ҳаво туфайли муқобил аэродромларга йўналтирилди. Бу ҳақда "Uzbekistan airports" хабар берди.
"Flydubai" авиакомпаниясининг Дубай – Самарқанд йўналиши бўйича FDB769 рейси аэропортдаги ноқулай об-ҳаво шароити туфайли Навоий шаҳридаги муқобил аэродромга қўнди. Соат 05:04 да самолёт қайтиб Самарқандга учди.
“Қанот Шарқ” авиакомпаниясининг HH756 Москва – Самарқанд йўналиши бўйича парвоз қилаётган самолёт аэропортдаги ноқулай об-ҳаво шароити туфайли Тошкентдаги муқобил аэродромга йўналтирилди. Самарқанд аэродромида қордан тозалаш ишлари олиб борилмоқда.