Аномал совуқ кунлари барча тиббиёт муассасалари узлуксиз ишлайди - ССВ

Республика бўйича 2755 та тез тиббий ёрдам бригадаси аҳолидан бўладиган чақириқлар асосида туну кун хизмат кўрсатади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 янв — Sputnik. ​Аномал совуқ кунларда барча тиббиёт муассасаларининг узлуксиз ва барқарор ишлаши таъминланади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Мамлакатда 10-15 январь кунлари аномал об-ҳаво шароитида тизимга қарашли даволаш муассасалари учун 436 та қўшимча дизель генератори харид қилиниб, жойларга юборилмоқда.
Вазирлик қуйидаги чора-тадбирларни кўрган:
155 та оилавий шифокор пункти ва оилавий поликлиникалар ҳамда маҳалла тиббиёт пунктларига 260 кВт. қувватга эга қуёш панеллари, 10 300 литр ҳажмли қуёш сув иситиш қурилмалари ўрнатилди.
375 та маҳалла тиббиёт пункти, 50 та оилавий шифокор пункти ва оилавий поликлиникалар учун 2 352 кВт. қувватга эга қуёш панеллари ҳарид қилинди.
барча вилоятларда туну кун хизмат кўрсатувчи навбатчи генераторлар ташкил қилинди.
Қайд этилишича, шу кунлари 72 000 нафардан зиёд шифокор ва ҳамширалардан иборат тиббий бригадалар ўз фаолиятини олиб боради. Биринчи навбатда, ҳомиладор аёллар, болалар, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар яшайдиган хонадонлардан хабар олиш, ўз навбатида, “онлайн патронаж” хизмати кўрсатиш йўлга қўйилади.
Амбулатор-поликлиника тизимидаги 19,5 мингдан зиёд кундузги шифохона ўринларида уйдан ажралмаган ҳолда даволаниш имконияти яратилади.
Шунингдек, 1257 та кўп тармоқли ва оилавий поликлиника, 1080 та оилавий шифокор пункти ҳамда 1002 та маҳалла тиббиёт пункти аҳолига тиббий хизмат кўрсатади.
Республика, вилоят, туман ва шаҳар шифохоналари, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, тиббиёт олий ўқув юртлари клиникалари одатдаги тартибда ишлайди.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг ҳудудлардаги 13 та филиали, туманлардаги 181 та шошилинч тиббий ёрдам қабул бўлими ҳамда туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказларида 24 соат давомида шифокор ва ҳамширалар фаолият юритади.

Республика бўйича 2755 та тез тиббий ёрдам бригадаси аҳолидан бўладиган чақириқлар асосида туну кун хизмат кўрсатади.

Бундан ташқари, 227 та туғуруқ, 245 та болалар даволаш муассасаcи ҳам узлуксиз иш олиб боради.
Тошкент шаҳри аномал совуқ кунларга қандай тайёрланмоқда?