ТОШКЕНТ, 9 янв — Sputnik. Аномал совуқда помидор, ширин қалампир ва бақлажон кўчатларини иссиқхонада тайёрлаш ҳамда полиз экинлари уруғларини экишни вақтинчалик тўхтатиб туриш керак. Бу борада Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мамлакатдаги фермер хўжаликлари, боғбонлар, иссиқхона ва томорқа ер эгаларига ўз тавсияларини берди.
Республикада 10-15 январь кунлари ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши далалардаги қишлоқ хўжалиги экинларига ҳам ўз таъсирини кўрсатади.
Кузги бошоқли дон экинларини совуқдан асраш учун тавсиялар:
кеч экилган, айниқса, айрим 1-2 барг ҳолатида бўлган ғалла майдонларига чириган маҳаллий ўғит (гўнг) сепиш;
ғўза қатор ораларига экилиб, ҳозирги кунгача ғўзапоялардан тозаланмаган майдонларда ғўзапоядан тозалаш ишларини совуқ кунлар тугагунга қадар тўхтатиш;
электр энергия чекловлари бўлишини инобатга олиб, насос агрегатлари ва лоток тармоқларининг музлаб ёрилишини олдини олиш учун улардан фойдаланишни вақтинча тўхтатиш;
қишлоқ хўжалиги мутасаддилари ва олимлар иштирокида штаблар ташкил этиш.
Қайд этилишича, ҳозирда республикадаги дала ер майдонларида асосан август-сентябрь пиёзлари ва саримсоқпиёзлар экилган.
Ушбу сабзавот экинларини кескин совуқдан асраш учун тавсиялар:
экин майдонларини устини плёнка қопламалари оддий ёки дуга усулда қоплаш;
маҳаллий чириган гўнг, шоли қипиғи ва апилка билан мўлчалаш;
сомон ёки майин хашаклар билан ўсимлик устини ёпиб чиқиш каби чора-тадбирлар;
сабзавотлар экилган дала майдонини шамол оқимига қараб олов ёқиб тутатиш ҳам фойда беради.
Тўқсонбости усулида экилган сабзавот экинларидан сабзи, пиёз, ош лавлаги, кўкат сабзавотлар (исмалоқ, укроп, петрушка, селдерей, кашнич, салат) экинлари уруғлари ҳали ердан униб чиқмаган ва уларни совуқдан зарарланиш эҳтимоли жуда паст даражада.
Иссиқхоналарда полиз экинларини етиштириш
Иссиқхоналарда помидор ва бодринг етиштиришда иншоотдаги ҳаво ҳарорати ўсимликлар учун мос бўлиши лозим. Етиштирилаётган бодринг ҳарорат 0 даражага тушиб кетганда нобуд бўлади. Помидорнинг эса +7 даража ҳароратда илдиз тизими, -1-2 даража совуқда эса ўсимликнинг ўзи нобуд бўлади.
Иссиқхоналарда исириқ ва бошқа тутатиш поҳол ёки эскирган техник балонларини ёқиб тутатиш натижасида ҳам 2-3 даража иссиқлик бериш ва ушлаб туриш мумкин.
Жанубий минтақаларда сабзавот экинларини ҳимоялаш
Иситилмайдиган кўчатхоналарда етиштирилаётган сабзавот ва полиз экинлари кўчатларини совуқдан асрашни ҳам алоҳида назоратга олиш керак.
Муҳим тавсиялар:
сабзавотлар устини полиэтилен плёнкаси билан ёпиш;
вақтинчалик иситиш мосламаларидан фойдаланиш, атрофига гўнг аралаш хашак, похол ва шох-шаббалар уюмларини тўплаб, уларни тутатиш;
иссиқсевар сабзавот экинларидан помидор, ширин қалампир ва бақлажон кўчатларини иссиқхонада тайёрлашни ҳамда бодринг ва полиз экинлари уруғларини экишни вақтинчалик тўхтатиб туриш;
ҳар бир далада ҳаво ҳароратини кузатиб, -10 даражага тушиши билан уюмларни тутатиш;
тонгги соат 3-5 оралиғида ўсимлик совуқдан зарарланади, шу боис, ҳушёрликни ошириш;
совуққа чидамли сабзи, пиёз, саримсоқпиёз, ош лавлаги, карам ва кўкат сабзавотлар каби экинларга -2-3 даража совуқ сезиларли таъсир этмайди.
Мевали боғ ва узумзорларни асраш
Мевали боғ ва токзорларнинг қатор ораларидан суғориш ариқлари олиб, суғориш, яъни яхоб суви бериш лозим. Совуқ вақтида боғ ва токзорларни қондириб суғориш натижасида сув ҳарорати ҳаво ҳароратидан юқори бўлганлиги учун сув буғлари ер ва дарахтларнинг ҳароратини пасайишига йўл қўймайди.
Уруғли мева боғларда шакл бериш ва кесиш тадбирларини совуқ ҳароратлар ўтгунга қадар вақтинча тўхтатиш керак.
Кўмилмай қолган ток туплари, анор ва анжир буталарини совуқдан сақлаш учун зудлик билан хашаклар ва шоли поялар билан ёпиш ёки тупроқ билан кўмиш талаб этилади.
Мевали боғларни асраш бўйича тавсиялар:
хурмо дарахтлари таналарини ва шох-шаббаларини хашак, қуруқ макка ва шоли поялари ҳамда бошқа нарсалар билан ўраш;
иссиқхоналарда етиштирилаётган цитрус ва қулупнай ўсимликларини ҳимоя қилиш учун плёнка остидан яна бир қават юпқа плёнка тортиш (термос қилиш) ва иссиқхона устидаги қорларни туширмаслик;
мевали боғ ва узумзорлар қатор ораларига маҳаллий ўғит аралаш хашак, похол, шох-шаббалар уюмларини тўплаб, уларни тутатиш;
дарахтларнинг ёши ва қалин сийраклигига қараб ҳар бир гектар майдонга 100-200 та уюм ҳосил қилиш керак.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ чорвадорларга аномал совуқдан чорва молларини беталафот олиб чиқиш бўйича тавсиялар берилган эди. Унга кўра, чорва ҳайвонларини ширали озуқалар билан озиқлантириш ва сув билан суғоришни ёпиқ биноларнинг ичида ташкил этишга эътибор қаратилиши керак.