Тошкент шаҳри аномал совуқ кунларга қандай тайёрланмоқда?

Мамлакатда 9-18 январь кунлари кутилаётган аномал совуқда ўз фаолиятини олиб борувчи ободонлаштириш бошқармаси ва шифохоналар қўшимча воситалар билан таъминланмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 янв — Sputnik. Тошкентдаги шифохоналарга дизель генераторлар ўрнатилмоқда. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, аномал совуқ кунлари шифохоналарининг электр таъминотида узилишлар бўлмаслиги учун уларга дизель генераторлари шаҳар ҳокимлиги масъуллари ҳамкорлигида ўрнатилмоқда. Дизель генераторларни Соғлиқни сақлаш вазирлиги харид қилган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги
Тошкентдаги ободонлаштириш ходимлари ҳам анамал совуқ кунлари узлуксиз ишлашга тайёрланмоқда.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармаси ходимларига совуқ об-ҳаво кунлари ўз фаолиятларини давом эттиришлари учун 7 минг дона қўлқоп ва 3 минг дона термос идишлари тарқатилди.
Совуқ кунлари кўчаларда ўз фаолиятини олиб борувчи йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва ободонлаштириш ходимлари иссиқ чой ва егулик билан таъминланади.
Аввалроқ пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев кескин совуқ об-ҳавонинг кириб келиши муносабати билан ҳар қандай талофатларнинг олдини олиш бўйича мутассаддиларга тегишли топшириқ бергани хабар қилинган эди. Жумладан, аномал совуқ кунлари ҳар қандай мажлис ва тадбирларни ўтказиш тақиқланган.