ССВ болалар орасида коронавирус авж олаётгани ҳақидаги хабарни рад этди

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда "ёш болалар орасида коронавирус инфекцияси кўпайиб боряпти" мазмунидаги хабарлар тарқалган эди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 янв — Sputnik. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган ёш болалар орасида коронавирус кўпайиб бораётгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга зид эканлигини маълум қилди.
Таъкидланишича, болалар орасида ўткир респиратор касалликлар ва коронавирусга чалинишнинг сўнгги кўтарилиши ўтган йил куз ойларига тўғри келган эди. Ўша пайтда Зангиота юқумли касалликлар шифохонасида беморлар учун 500 та қўшимча шифо ўрни яратилган эди.
“Ҳозир ҳолат барқарор бўлиб, хасталаниш кўрсаткичлари кескин камайган”, - дейилади хабарда.
Вазирлик агар болалар орасида коронавирус ёки бошқа ўткир респиратор касалликлар ортиши кузатилса, бу бўйича расмий ахборот берилишини қайд этган.
ССВ фуқаролардан қиш шароитида фарзандларининг саломатлигига, айниқса, кийиниши ва овқатланишига жиддий эътибор беришни, бу хилдаги ёлғон хабарларга ишонмасликни сўраган.