Ўзбекистонлик шпагачи қизлар Жаҳон кубогида кучли саккизликдан жой олишди

Италияда қиличбозлик бўйича ёшлар ўртасидаги Жаҳон кубоги баҳслари давом этмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 янв — Sputnik. Ўзбекистонлик шпагачи қизлар Италияда ўтказилган Жаҳон кубогида кучли саккизликдан жой олишди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси хабар берди.
Италиянинг Удине шаҳрида қиличбозлик бўйича ёшлар ўртасидаги Жаҳон кубоги баҳслари давом этмоқда. Рапира ва шпага қуролларида ўтаётган мусобақанинг ортда қолган кунида жамоавий йўналишда ғолиб ва совриндорлар аниқлаб олинди.
Ўзбекистонлик шпагачи қизлар мусобақада чорак финалгача етиб боришди ва кучли саккизликдан жой олишди.
Улар 1/8 финалда Австрияни 45:39 ҳисобида доғда қолдиришди, бироқ ярим финал остонасида испаниялик рақибаларига 41:45 ҳисобида имкониятни бой беришди. Афсуски, қолган йўналишларда жамоалар 1/8 финалда мағлубиятга учрашди.
Шпага, йигитлар: Ўзбекистон – Франция 31:45
Рапира, қизлар: Ўзбекистон – Польша 23:45
Рапира, йигитлар: Ўзбекистон – Словакия 31:45