ТОШКЕНТ, 9 янв — Sputnik. Оилани кам таъминланган деб топишда жами даромаддан ижара шартномаси ёки ипотека кредити тўловларини чиқариб ташлаш кутилмоқда. Буни назарда тутувчи тегишли қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Лойиҳани Адлия вазирлиги ишлаб чиққан. Унга кўра, ижара шартномаси тўловларини чиқариб ташлашда ариза берувчи ва унинг оила аъзолари мулкида турар-жойи мавжуд эмаслиги инобатга олинади.
Ипотека кредити тўловларида эса турар-жойнинг биттадан ортиқ эмаслигини ҳисобга олинади.
Чиқариб ташланадиган суммани шартномада белгиланган ойлик тўловлардан келиб чиқиб аниқлаш белгилаб қўйилмоқда.
Таъкидланишича, қарор лойиҳасида белгиланган чора-тадбирлар аҳолининг кам даромадга эга ҳамда турар-жойга муҳтож қатламини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.