ТОШКЕНТ, 9 янв — Sputnik. Навоий вилоятидаги Дара қишлоғида бир қатор туризм хизматлари жорий этилди. Бу ҳақда Маданият ва туризм вазирлиги хабар берди.
Дара қишлоғи Нурота туманида жойлашган. Айни дамда у ерда 3 та оилавий меҳмон уйи, 5 та гастрономик хонадон, 2 та қадимий уй ва қадимий буюмлар сақланувчи уй музейлари, шунингдек, 2 та ҳунарманд (уй) устахоналари фаолияти йўлга қўйилди.
Шунингдек, мазкур маҳаллада қўшимча туризм турлари ва хизматларини ривожлантириш мақсадида 2 та спорт ва сайр хизмати, 3 та овқатланиш шохобчаси, 8 та савдо нуқтаси ҳам ташкил этилди.
Қолаверса, 2023–2024 йилларда қишлоғда 3 та селфи ҳудуди, 1 та осма кўприк, 2 та автотураргоҳ, 30 та дам олиш ҳудуди ва 2 та ҳожатхона қурилиши режалаштирилган.
Маълумот учун, аввалроқ туристларга қулайлик яратиш мақсадида Навоийдаги бошқа бир туризм қишлоғи — Сентобга олиб борадиган йўллар таъмирланганди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг июль ойидан туризм қишлоқлари учун қўшимча имтиёзлар берилган. Эндиликда туризм қишлоқларида меҳмон уйлари, овқатланиш ва савдо шохобчалари, кўнгилочар жойлар ташкил этган тадбиркорлар 3 йил давомида айланмадан олинадиган солиқ ва ижтимоий солиқни 1 фоиз ставкада, мол-мулк, ер, сув солиқларини ҳисобланган суммадан бор йўғи 1 фоизини тўлайди.
Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида ушбу қишлоқларда меҳмон уйлари ташкил этишга 50 миллион сўмгача, ўтов лагерлари ва эко-уйлар мажмуасига 300 миллион сўмгача, чодирли лагерлар қуришга 300 миллион сўмгача кредитлар берилади.