ТОШКЕНТ, 9 янв — Sputnik. Қирғизистон президенти Садир Жапаров ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Қамбарота гидро электр станцияси (ГЭС) Қирғизистон энергетикасининг келажакдаги флагмани бўлишини маълум қилди.
У Қирғизистон энергия ресурсларига бой, бироқ мамлакат сув ресурсларининг юқори қисмида жойлашганига қарамай, мустақиллик йилларида янги ГЭСлар қуришга муваффақ бўлмагани, шу сабабли Қирғизистон қиш пайтларида электр энергиясини импорт қилишга мажбур бўлганини таъкидлади.
“Ўтган 30 йил давомида биз кўмир, мазут, аввал қурилган ГЭСлар қувватидан фойдаланмоқдамиз. Aйни пайтда гидроэнергетика салоҳиятимизнинг атиги 10 фоизидан фойдаланмоқдамиз”, деб ёзади Жапаров.
Қирғизистон раҳбари, унинг топшириғига кўра, сўнгги икки йил ичида мамлакатда кичик ва ўрта ГЭСлар қурилиши бошлангани, жумладан, энг йирик қурилиш майдони (Қамбарота ГЭС) ишга туширилганини айтди.
Жапаров ушбу лойиҳалар амалга оширилиши билан Қирғизистонни “бошқа давлатларга электр энергияси экспорт қиладиган ҳақиқий энергетикадан мустақил давлат” деб аташ мумкинлигига умид билдирди.
Эслатиб ўтамиз, 6 январь куни Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон энергетика вазирлари Бишкекда Қамбарота ГЭС-1 қурилиши бўйича йўл харитасини имзолади. Унинг қуввати 1860 мегаватт бўлиши кутилмоқда, шунингдек, йилига 5 миллиард киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш режалаштирилган.