Совуқ ҳаво шароитида электрдан қандай фойдаланиш керак?

Ўзбекистонга 10-15 январь кунлари Волгабўйи ҳудудларидан совуқ ҳаво массаси кириб келиши кутилмоқда. Бундай об-ҳаво шароитида электр энергиясига бўлган талаб кескин кучайиши табиий.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 янв - Sputnik. "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ фуқароларга совуқ ҳавода электр энергиясидан фойдалариш бўйича ўз тавсияларини эслатиб ўтди.
Кутилаётган совуқ кунларда электр энергияси меъёридан кўп истеъмол қилиниши натижасида паст кучланишли электр тармоқлари ҳамда трансформатор пунктларига тушаётган юкламаларни камайтириш ҳамда авариявий ҳолатларни олдини олиш мақсадида қуйидаги тавсияларга амал қилиш мақсадга мувофиқ:
хонадонгизда ёки иш жойингизда самарасиз ишлаб турган электр жиҳозларни тармоқдан ажратиб қўйинг;
кутиш режимида қолдирилган ҳар қандай электр жиҳози, кам бўлсада, электр энергияси сарфлашини унутмаган ҳолда, маиший техникаларни улардан фойдаланиб бўлингач тармоқдан ажратиб қўйинг;
замонавий лед лампалардан фойдаланишнинг чораларини кўринг;
совуқ кунларда сиз фойдаланаётган электр иситиш печларининг созлигига эътибор беринг. Носоз печларни яхшиси ишлатманг. Иситиш печларини тармоққа улагач эса уларни назоратсиз қолдирманг. Юклама натижасида симлар куйиши ва фавқулодда ҳолатлар келиб чиқиши мумкинлигини ёдда тутинг;
иситиш печлари ҳамда кондиционерлардан кун давомида эмас, балки вақти-вақти билан фойдаланиш электр тармоқларига тушадиган юкламаларни сезиларли равишда камайтиришга хизмат қилишини унутманг;
кучли шамол натижасида узилиб кетган электр симлари ва бошқа носоз электр қурилмалар ҳақида туман электр таъминоти корхоналари алоқа рақамлари ҳамда Жамиятнинг 1154 қисқа рақамли Cалл-марказига хабар беринг.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан ҳудудларда туну кун ишлайдиган 956 та авариявий бригадалар ташкил этилиб, уларга 335 та махсус техника ва 760 та автотранспорт бириктирилган.
Бундан ташқари, 538 та трансформатор, 319,3 тонна трансформатор мойи, 1 983 та таянч устун, 38,5 тонна сим, 73,4 км кабел, 3 056 дан ортиқ муфта ва бошқа зарур электр жиҳозларидан иборат авариявий захира манбаи яратилган.
Электр энергия таъминоти билан боғлиқ ҳар қандай муаммоли вазиятда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг туну кун фаолияти йўлга қўйилган 1154 қисқа рақамига қўнғироқ қилишингиз ёки махсус телеграм бот орқали мурожаат қилиш мумкин.