ТОШКЕНТ, 8 янв — Sputnik. Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида қуввати 1573 МВт бўлган замонавий буғ-газ электр станцияси қурилади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, президентнинг “Сирдарё вилояти Боёвут туманида қуввати 1573 МВт бўлган буғ-газ электр станциясини қуриш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди.
“Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида 61,9 гектар майдонида замонавий “H” тоифасидаги комбинацияланган циклда ишлайдиган замонавий иссиқлик электр станцияси қурилади. Мазкур станция 2026 йилда ишга туширилади”, дейилади хабарда.
Лойиҳа доирасида фойдали иш коэффициенти 60 фоиздан юқори бўлган қурилмаларни ўрнатиш хисобига йилига 12 млрд кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарилади ва бунинг натижасида йилига 1,1 млрд куб метр табиий газ тежалишига эришилади.
Аҳамиятли жиҳати, объект қурилиши давомида 2 500 нафар, ишга туширилгандан сўнг эса 120 нафар доимий иш ўринлари яратилади.
Қайд этилишича, мазкур йирик лойиҳа ҳалқаро очиқ тендер савдоларини ўтказиш орқали Марказий Осиё ва МДҲ давлатларида амалга оширилаётган энг йирик инвестиция лойиҳаларидан бири ҳисобланади.
Маълумот учун, 2022 йил 20 ноябрь куни Сирдарё вилоятининг Ховос туманида 220 МВт қувватли янги ИЭС ишга туширилди. Шунингдек, жорий йил якунига қадар Ширин шаҳри ва Боёвут туманлари ҳудудида 1500 МВт қувватли замонавий ИЭС ишга туширилиши режалаштирилган.