ТОШКЕНТ, 8 янв — Sputnik. Россиялик актёр ва спортчи Олег Тактаров “Ўзбек қизи” бадиий фильмини суратга олиш жараёнида иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Кинематография агентлиги хабар берди.
Фильм ўзбек ва беларусь киноижодкорлари билан ҳамкорликда суратга олинган. Суратга олиш ишлари якунланиб, монтаж ишлари бошланган.
“Сinema of Сentral Аsia” киностудияси томонидан Акбар Бектурдиев режиссёрлигида яратилган ушбу фильм ўзбек снайпер қизининг Иккинчи жаҳон урушида кўрсатган жасорати ва жанг майдонларида кечган тақдири ҳақида ҳикоя қилади.
Фильмда ролларни Тактаровдан ташқари актёр ва актрисалар Айсанем Юсупова, Феруза Саидова, Йигитали Мамажонов, Сергей Лапаницин, Милана Иванова ва бошқалар ижро этган.