ТОШКЕНТ, 8 янв — Sputnik. AҚШ Украинада Россияга қарши курашида жуда аҳмоқона қадам ташлаётган бўлиши мумкин. Бу ҳақда АҚШ Марказий разведка бошқармасининг собиқ маслаҳатчиси Жеймс Рикардс “Daily Reckoning” учун мақоласида ёзган.
“Aгар AҚШ аҳмоқларча Украина мағлубиятини олдини олиш учун кучайишда давом этса, катта хавф пайдо бўлиши мумкин. Мен бу содир бўлишини башорат қилмайман, аммо вазият шу қадар кескинлашиши мумкинки, умидсизликда тактик ядровий қуроллар қўлланилади”, дейилади хабарда.
Мақола муаллифига кўра, Байден ҳеч қандай ён бермаяпти ва яқинда Украинани қанча керак бўлса, шунча қурол билан таъминлашини айтган.
“Бошқа томондан, Путин ҳам чекинмайди”, дея қайд этади Рикардс.
Марказий разведка бошқармасининг собиқ маслаҳатчисининг фикрича, Россия сўнгги ойларда тактикасини ўзгартирди.
“AҚШ аллақачон Украина учун шунчалик кўп пул сарфлаган ва Россияни тўлиқ мағлуб этишга шунчалик қаттиқ бел боғлаганки, Россиянинг ғалабаси Aфғонистондаги инқироздан ҳануз азоб чекаётган AҚШ учун навбатдаги стратегик мағлубиятни англатади”, дейди у.
Россия махсус операцияси фонида AҚШ ва унинг иттифоқчилари Киев режимига миллиардлаб долларлик қурол-яроғларни юборишда давом этмоқда. Москва Ғарб қуролларини етказиб бериш фақат можарони узайтиришини бир неча бор таъкидлаган.