ТОШКЕНТ, 7 янв — Sputnik. Таътил кунларида мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари учун ҳақ тўланмайди. Бу ҳақда Мактабгача таълим агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, боғчаларда 10-18 январь кунлари навбатдан ташқари таътил эълон қилингандан сўнг кўплаб ота-оналардан боғча пули тўланишига доир кўплаб саволлар келиб тушмоқда.
“Мазкур сўровларга жавобан, таътил кунлари учун боғча тўлови тўланмаслигини маълум қиламиз. Таътил эълон қилингунга қадар боғча тўлови амалга оширилган бўлса, кейинги тўловларни амалга ошириш жараёнида таътил кунлари учун тўланган бадал суммаси ҳисобга олинади”, - дейилади хабарда.
Ҳукуматнинг тегишли йиғилиш баёнига асосан, таътил кунлари давомида мактабгача таълим ташкилотларида фаолият юритадиган ходимларга амалдаги тартиб сақланган ҳолда иш ҳақи тўланади.