Совуқ кунлар олдидан “Ҳудудгазтаъминот” истеъмолчиларни огоҳлантирди

“Ҳудудгазтаъминот” фуқаролардан табиий газ истеъмолига онгли равишда ёндашишларини ва ундан зарур эҳтиёжлар учун фойдаланишларини сўраган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 янв — Sputnik. Ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши кутилаётгани муносабати билан “Ҳудудгазтаъминот” АЖ истеъмолчиларга мурожаат йўллади.
Компания табиий газдан фойдаланишда эҳтиёт чораларини кўриш, иситиш мосламалари ва овқат тайёрлаш жараёнида газ плиталарини қаровсиз қолдирмаслик, шунингдек, вентиляция тизимига алоҳида эътибор бериш зарурлигини эслатди.
“Ҳудудгазтаъминот” фуқаролардан газ жиҳозлари ишлаб турган хоналарда дам олишга йўл қўймасликни ва чироқни ёқишдан олдин газ ҳиди йўқлигига ишонч ҳосил қилиб, у аниқланган ҳолда “104” телефон рақами орқали газ хизматига мурожаат қилишини сўрамоқда.
Компания фуқаролардан табиий газ истеъмолига онгли равишда ёндашишларини ва ундан зарур эҳтиёжлар учун фойдаланишларини сўраган.
“Фақатгина ундан оқилона фойдаланиш барча истеъмолчиларни бир маромда газ билан таъминлаш имкониятини беради ҳамда ҳаво ҳароратининг пасайиши даврида унинг етишмовчилигини келтириб чиқармайди”, - дейилади “Ҳудудгазтаъминот” мурожаатида.
Шу билан бирга, етказиб берувчи компания истеъмолчиларга табиий газ билан узлуксиз таъминлаш учун тўловни ўз вақтида амалга ошириш зарурлигини эслатиб ўтган.
Аввалроқ Ўзбекистонга келаси ҳафта бошидан аномал совуқ ҳаво оқими кириб келиши ҳақида хабар берган эдик. Мамлакатнинг баъзи ҳудудларида ҳаво ҳарорати -27 даражагача тушиши кутилмоқда.
Аномал совуқ кунлари ҳар қандай мажлис ва тадбирларни ўтказиш тақиқланди