ТОШКЕНТ, 7 янв — Sputnik. Рапид ва блиц бўйича Олмаотада (Қозоғистон) бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида Ҳумоюн Бекмуродов ҳаммани ҳайратга солди. Бу ҳақда Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси Алишер Саъдуллаев маълум қилди.
12 ёшли ўзбекистонлик шахматчи Уэльс вакили Элижаҳ Эвереттга қарши ўйини дурранг билан якунланиши кутилаётган эди. Бироқ ўйинни Ҳумоюн ўзининг чиройли ғалабаси билан якун ясашга муваффақ бўлган.
“Қизиқ жиҳати, Эверетт ўз мағлубиятини англашга ҳам улгурмай қолди ва бу ҳолат дунё шахмат ихлосмандларининг эътиборини тортди”, - дея ёзади Саъдуллаев.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил февралида Ҳумоюн Бекмуродов Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) спорт устаси унвонига сазовор бўлган эди. Шунингдек, у Грециядаги шахмат бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида "Open12" гуруҳида ҳам рапид, ҳам блиц бўйича кумуш медал соҳиби бўлган эди.