АҚШ Вакиллар палатасига 15-уринишда спикер сайланди

Америка Қўшма Штатларидаги учинчи энг муҳим лавозим 15-уринишда ўз эгасини топди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 янв — Sputnik. АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси 15-уринишда республикачи Кевин Маккартини янги спикер этиб сайлади. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.
Американинг барча етакчи телеканаллари томонидан трансляция қилинган овоз бериш натижаларига кўра, Маккарти 216 та овоз олди. Унинг асосий рақиби демократ Ҳаким Жеффрис 211 конгрессменнинг қўллаб-қувватлашига эришди. Яна олти нафар қонун чиқарувчи ҳеч кимга овоз бермасликни маъқул кўрди.
Бу Америка Қўшма Штатларидаги учинчи энг муҳим лавозим ҳисобланади. У тайинланмаса, палатанинг иши бир неча кун давомида фалаж бўлиб қолади, чунки қонунчилар қасамёд қила олмайди ва мос равишда қонун ишлаб чиқиш жараёнига ўтолмайди.
Маккарти ва Украина
Маккарти ноябрь ойида бўлиб ўтган оралиқ Конгресс сайловлари олдидан республикачилар ғалаба қозонган тақдирда Украинага чексиз ёрдам кўрсатишни тўхтатиши ҳақида огоҳлантирган эди. У Киев учун “очиқ чеклар”га қарши чиқди ва бу харажатларни Қўшма Штатлардаги иқтисодий вазият билан мувофиқлаштиришга чақирган.
Республикачилар оралиқ сайлов натижасига кўра Вакиллар палатасида ғолиб бўлди: ҳозир у ерда 222 республикачи ва 212 демократ ўрин олган. Бироқ қуйи палатада тақдим этилган ташаббуслар ёки терговларни блоклаши мумкин бўлган Сенатда демократлар нафақат кўпчилик ўринни сақлаб қолишди, балки ўз позициясини мустаҳкамлаб ҳам олди.
Узоқ давом этган овоз бериш
Жорий чўзилган овоз бериш АҚШ тарихида конгрессменлар биринчи мартадаёқ спикерни сайлай олмаган 15-ҳолат бўлди. Охирги марта бу ҳол юз йил олдин, 1923 йилда ва ундан олдин фақат фуқаролар урушигача бўлган даврда содир бўлган. Ҳаммаси бўлиб атиги тўрт марта спикерни сайлаш учун 12 тадан кўп овоз бериш жараёни ўтказилган.
Спикерни сайлаш бўйича энг муваффақиятсиз уринишлар 1855 йилда қайд этилган ва жараён икки ой – 133 раунд давом этган. Спикерни сайлаш учун эса қоидаларга ўзгартириш киритилган, натижада номзод оддий кўпчилик овоз билан ғалаба қозонган, негаки ҳеч бир номзодга палата аъзоларининг ярмидан кўпи овоз бермаган. Кейинги психологик натижа 1819 йилда кузатилган. Ўшанда қуйи палата спикерини сайлашга 22 тур керак бўлган.