ТОШКЕНТ, 7 янв — Sputnik. Мамлакатда аномал совуқ кунлар даврида ҳар қандай мажлислар, тадбирлар, масъулларни асосий фаолиятидан чалғитувчи бошқа йиғилишларни ўтказиш тақиқланади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев иштирокидаги йиғилишда маълум қилинди.
Қайд этилишича, 9 дан январдан 18 январгача шаҳар ва туман ҳокимликларида, бошқармалар ва уларнинг туман бўлимларида ҳар қандай мажлислар (жумладан, Zoom шаклида) ўтказиш бекор қилинди.
Вазиятларни бошқариш юзасидан топшириқлар телефон ва онлайн алоқа тизимлари орқали тўғридан-тўғри берилади.
Йиғилишда қолипли нон ишлаб чиқарувчиларга газ ва электр энергияси узлуксиз етказиб берилишини назоратга олиш топширилди.
Шунингдек, озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш ва шаҳар жамоат транспортининг тизимли ишлаши чораларини кўриш ҳам топширилди.
Ўн кун давомида марказий ва ички йўлларни тезкорлик билан қор ва музламалардан тозалашни ташкил қилиш ҳамда бошқарув сервис компанияларининг кўп қаватли уйлар йўлакларини қор ва музламалардан ўз вақтида тозалашни таъминлашига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Қолаверса, электр тизимида аварияларни тезкор бартараф этиш, шунингдек, туғруқхоналар, шифохоналар, мурувват ва меҳрибонлик уйларининг иссиқлик таъминотини алоҳида назоратга олиш, улардаги мавжуд электр генераторларини ёқилғи билан таъминлаш, тўхтовсиз ишлаши учун шай ҳолатга келтириш вазифаси юклатилди.
Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан 2 кун муддатда жамоат жойларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича қайта кўрик-назорат тадбирлари ўтказилади.
Аномал совуқ кунлари аҳолини жамоат транспортидан фойдаланишига кенг имкониятлар яратиш ва имкон қадар шахсий транспорт воситасидан фойдаланмасликни тавсия этиш ҳам қайд этилди.
Навбатчилик, штаблар ва call-марказлар фаолиятидаги алоқа телефонларининг узлуксиз ишлашини назоратга олади.
Бундан ташқари, 2 кун муддатда 103 тез тиббий ёрдам машиналарини тиббий анжом ва дори воситалари билан таъминланганлик даражасини кўздан кечириб, етишмовчиликларни тўлдириш ишлари ҳам олиб борилади.
Кўчада хизмат қилаётган йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва ободонлаштириш ходимларини иссиқ чой ва егулик, ихчам термос идишлари билан таъминлаш ҳам инобатга олиниши таъкидланди.