ТОШКЕНТ, 6 янв — Sputnik. Коронавирус туфайли ҳафтасига ўн минг киши ҳаётдан кўз юммоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига таяниб хабар берди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Гебрейесуснинг таъкидлашича, коронавирусга қарши кураш борасида маълум натижаларга эришилган бўлса-да, аммо хавф ҳали чекингани йўқ.
Чунки сўнгги ойларда ҳафтасига ўртача ўн минг киши CОVID-19 қурбонига айланмоқда.
"Бу фақат бизга маълум рақамлар. Реал кўрсаткичлар эҳтимол бундан-да юқори бўлиши мумкин. Қолаверса, кейинги пайтларда коронавирус туфайли шифохонага ётқизиш ҳолатлари кўпайган. Айниқса, шимолий ярим шарда эпидемиологик вазият мураккаб. Бу минтақада мавсумий грипп ҳам кенг тарқалмоқда”, дейди ЖССТ раҳбари.
Шу боис ЖССТ, аввало, хасталик профилактикасини кучайтириб, аҳолининг бустер доза билан эмланиши орқали жамоавий иммунитетни шакллантириш самарали чора, деб ҳисоблайди.