Cтатистика соҳасида янги тизим ишга тушди

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси томонидан “Статистика” интеграллашган ахборот тизими (СИАТ) яратилди.
Sputnik
Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси томонидан “Статистика” интеграллашган ахборот тизими (СИАТ) яратилди ҳамда унинг негизида siat.stat.uz Ўзбекистон Республикаси статистика портали ишга туширилди. Портал расмий статистика маълумотлар ягона базасини шакллантиради, маълум бир давр бўйича маълумотларни электрон форматларда олиш имкониятини яратади.
СИАТ - расмий статистикани эълон қилиш ва уларни фойдаланувчилар томонидан қидириб топиш вақти 5-10 баробарга, алоҳида сўровлар асосидаги интеграция қилиш вақти эса 10 кундан 1 кунгача қисқартирилди ва бу эса, ўз ўрнида халқаро ташкилотлар,
жумладан, Open Data Watch ташкилоти экспертлари томонидан ижобий баҳоланди.

“Тизимда 19 та йўналиш бўйича жами 1 100 та расмий статистик кўрсаткичлар, 10 йиллик динамик қаторларда, шунингдек, 30 йиллик макро-кўрсаткичлар 5 йиллик кесимда фойдаланувчиларга қулай ва бепул шаклда юклаб олиш учун 3 хил (Excel, PDF ва JPG) форматда ҳамда мустақил равишда интеграция қилиш учун ҳам 3 хил (CSV, JSON ва XML) форматда жойлаштирилди ва доимий равишда янгилаб борилади”, деди қўмита ахборот хизмати раҳбари Усмон Абдурасулов Sputnik мухбирига.

Портални ишлаб чиқишда Япония, Ҳиндистон, Туркия, Озарбайжон, Россия, Беларусь, Қозоғистон ва бошқа ривожланган давлатлар тажрибаси ўрганилган.
Хорижий фойданувчилар учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида порталдан нафақат ўзбек тилида балки рус ва инглиз тилларида фойдаланиш мумкин.
Базада маълумотларни интерактив график, гистограмма ва диаграммалар кўринишида шунингдек, солиштириш, рейтинг шакллантириш ва кўрсаткичлар ўртасидаги муносабатларни белгилаш модуллари жорий этилди. SDMX стандарти асосида ҳар бир статистик кўрсаткич бўйича тўлиқ метамаълумотларнинг (маълумотлар паспортининг) тизимга жойлаштирилганлиги, фойдаланувчиларга кўрсаткич биринчи бор эълон қилинган ва янгиланган сана, унинг бирламчи манбаси, ҳисоблаган орган ва услубиёти, масъул бўлинма ва ходим тўғрисида ҳамда шу каби бошқа маълумотларни олиш имконини беради.
SDMX (Statistical Data and Metadata eXchange) статистик маълумотлар ва метамаълумотларни эълон қилиш ва электрон шаклда ўзаро алмашиш стандарти ҳисобланиб, уни БМТ статистика бўлими, Евростат, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси ва бошқа ташкилотлар қўллаб-қувватламоқда.