Аномал совуқдан чорва молларини қандай беталафот олиб чиқиш мумкин?

Чорвадорларга аномал совуқдан чорва молларини беталафот олиб чиқиш бўйича тавсиялар берилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 янв — Sputnik. Ўзбекистонга аномал совуқ ҳаво оқими кириб келиши ва ҳарорат -27 даражагача пасайиши кутилмоқда. Шу муносабат билан Экологик партия Марказий Кенгаши раиси Абдушукур Ҳамзаев чорвадорларга чорва молларини қишловдан беталафот олиб чиқиш бўйича тавсиялар берди.
Қайд этилишича, аномал совуқ вақтида чорва ҳайвонларини парвариш қилиш учун алоҳида ёндашув талаб этилади.
Чорва молларини сақлаш бўйича тавсиялар
Совуқ кунлари чорвани тўла қийматли озуқалар билан озиқлантириш. Сув бериш зарурати бўлганида илиқ сув ичириш.
Озуқаларни ўраган холда сақлаш;
Қишлоқ хўжалик ҳайвонлари ва паррандалар сақланадиган хоналарнинг тирқишлари, дераза ва кириш жойларига икки қават полиэтилен плёнка, кигиз (намат) қоплаш;
Ҳайвонлар остига қўшимча тўшама (сомон, похол, ёғоч қириндиси, қовачоқ) ташлаш;
Отларнинг устига ёпинғич ёпиш;
Очиқ жойлар, чўл ўртасида жойлашган қўй қўтонлари атрофини ўраш ёки иссиқ қўтонларга вақтинча кўчириш;
Замонавий йирик шохли чорва фермаларида зарарли газларни кўпайтирмаслик, намликни қочириш мақсадида вентиляцияни вақти-вақтида билан ишлатиш;
Чорвачилик корхоналарида туну-кун мутахассислар навбатчилигини ташкил этиш.
Асаларичилар учун тавсиялар
Асалари уясидаги бўш рамкаларни олиб ташлаш ва махсус кўрпача ва ёстиқчалар билан беркитиш;
Уя тирқишларини қисқартириш ва уларни ўралган жойда сақлаш;
Асалариларга қўшимча озуқаларни бериб бориш.
Қўйчилик хўжаликлари учун тавсиялар
Бўғоз совлиқларни тўйимли озуқалар билан озиқлантириш, имкон қадар илиқ сув билан суғориш;
Қировли кунлари яйловга чиқармаслик ва музли ерларда ётиб қолишининг олдини олиш, озуқа қолдиқларидан кашар (қўтон)ларга тўшама сифатида фойдаланиш;
Қўйлар сурувларини қишлов нуқталаридан узоқлаштирмаслик, ўта совуқ кунларида эса қишки кашар (қўтон)ларда сақлаш;
Зарур ҳолларда уларга 1,2-1,3 кг қуруқ озуқалар (75% дағал ва 25 % омухта озуқа) аралашмаси ҳисобидан қўшимча озиқлантириш;
Шамол кам эсадиган яйловларда боқиш, бундай кунларда қўйларни қишлов биноларидан кечроқ олиб чиқиш, бинодан чиқаришдан камида 20-30 дақиқа олдин уларни жойидан қўзғатиш;
Ташқарига чиққанда қўйларни шамол йўналишига қарши томонга ҳайдаш (бу уларнинг жунини танасига ёпишиб туришини ва тана ҳароратининг сақлашини таъминлайди);
Қиш даврида яйловда шўр озуқаларнинг камлиги ҳисобига қўйларнинг тузга бўлган талаби 2-3 марта ортади, шунинг учун охурларга қўйлар ялаши учун 1 бош қўй ҳисобига ўртача 5 граммдан туз қўйиш;
Қишлов нуқталарида чўпон-чўлиқлар учун иссиқ кийим-бош, озиқ-овқат, ичимлик суви ва ёқилғи заҳирасини яратиб қўйиш.
“Юқоридаги тавсияларга амал қилинса албатта чорволаримизни “қорасовуқ”дан безиён ўтказиб оламиз”, дейилади хабарда.