ТОШКЕНТ, 5 янв — Sputnik. Ўзбекистонда шу йилнинг ўзида 1 008 та тиббиёт объектида 4 427 кВт. қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилади. Бу ҳақда Cоғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов иштирокида бўлиб ўтган вазирлик Ҳайъат йиғилишида маълум қилинди.
Қайд этилишича, тиббиёт муассасаларини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида жами 437 та дизель генератори харид қилинди. Уларнинг барчаси январь-февраль ойларида жойларга етказиб берилади.
Бундан ташқари, 2022-2023 йилларда Соғлиқни сақлаш тизимидаги 1 540 та тиббиёт муассасасига муқобил энергия манбаларини ўрнатиш белгиланган.
Ҳозир 107 та тиббиёт муассасасига 124 кВт. қувватга эга қуёш панеллари, 4 400 литр ҳажмдаги қуёш сув иситиш қурилмалари ўрнатилди.
Шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимига ажратилган маблағлар доирасида жами 425 та 2 352 кВт. қувватга эга қуёш панеллари харид қилинди ва улар жорий йилнинг биринчи чорагида ўрнатиб, ишга туширилади. Шундан 375 таси маҳалла тиббиёт пунктлари ҳамда 50 таси оилавий шифокорлик пунктлари ҳамда оилавий поликлиникалар учун мўлжалланган.
Қолаверса, вазирликнинг маъмурий биносига 100 кВт. қувватга эга қуёш панелларини ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда.