Республиканинг иккита ҳудудида тиббий суғурта тизими жорий этилади

2023 йилдан бошлаб, Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятида тиббий суғурта тизими йўлга қўйилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 янв — Sputnik. Республиканинг иккита ҳудудида тиббий суғурта тизими жорий этилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов маълум қилди.
Қайд этилишича, 2023 йилдан бошлаб, Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятида тиббий суғурта тизими йўлга қўйилади. Бунинг учун бир ой муддатда тиббий суғурта тизимини жорий этиш бўйича қарор ишлаб чиқилади.
Тошкент шаҳридаги 72 та поликлиника ва 40 та шифохонани компьютер жиҳозлари, зарур тиббий ускуналар билан таъминлашга 30 млрд сўм йўналтирилади.
Пойтахтда 1 июлдан тиббий суғурта тизими механизмлари жорий этилади.Бунда тиббиёт муассасалари тўлиқ рақамлаштирилади ҳамда ҳар бир бемор қачон, қаерда ва қандай даволаниши ҳақида аниқ маълумотга эга бўлади.
Маълумот учун, мамлакатда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга шошилинч тиббий ёрдам, кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам ва тез тиббий ёрдам бепул кўрсатилади.
Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга режали тиббий ёрдам Ўзбекистон ССВ билан келишган ҳолда даволаш муассасаси томонидан тасдиқланадиган тарифлар асосида амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда 2023 йилнинг 1 январидан бошлаб меҳнат мигрантларига мажбурий тиббий суғурта полиси (ОМС) расмийлаштириш ҳуқуқи берилиши маълум қилинганди.
Фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар бўйича ишга қабул қилинган чет эл фуқароларига вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик ва оналик таътили муносабати билан мажбурий тиббий суғурта (ОМС) бўйича кафолатлар тақдим этилади.