ФВВ қутқарувчилари тоғда сойга тушиб кетган фуқарони қутқариб қолишди

Бўстонлиқ туманидаги тоғларга дам олиш мақсадида келган шахсларнинг бири оёғи сирпаниб сойга тушиб кетди - тафсилотлар.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 янв — Sputnik. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари томонидан тоғда сойга тушиб кетган фуқаро қутқариб қолинди. Бу ҳақда ФВВ хабар берди.
Қайд этилишича, кеча соат 14:30 да вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг Тезкор бошқарув марказига бир гуруҳ фуқаролар томонидан ташвишли хабар келиб тушган.
Унга кўра, Бўстонлиқ туманидаги тоғларга дам олиш мақсадида келган шахсларнинг бири оёғи сирпаниб сойга тушиб кетган.
Зудлик билан айтилган манзилга Чимён ёнғин-қутқарув отряди қутқарувчилари етиб бориб, қидирув-қутқарув ишларини амалга оширган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги
Қутқарувчиларнинг саъй ҳаракатлари натижасида сойда қолиб кетган фуқаро қутқариб қолинган ва соғ-саломат пастга олиб тушилган.
Эслатиб ўтамиз, 3 январь куни тоғ олди ва тоғли ҳудудларда вақти-вақти қор ёғиши маълум қилинганди. Шунингдек, қор кўчиши хавфи ҳам эълон қилинган.