Афғонистоннинг Душанбедаги элчиси Толибон* ҳукуматини тан олмаслигини айтди

Афғонистоннинг Душанбедаги элчихонаси Толибон* ҳукуматидан ҳеч қандай кўрсатма олмаган ва олган тақдирда ҳам унга эътибор бермаган бўларди - элчи.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 янв – Sputnik, Лидия Исамова. Афғонистоннинг Тожикистондаги элчиси Муҳаммад Зоҳир Агбар журналистларга берган интервьюсида ўзининг ишдан бўшатилиши ва янги элчи тайинланиши ҳақидаги хабарларни рад этди, шунингдек, элчихона Толибон ҳукуматидан ҳеч қандай кўрсатма олмаганини айтди.
Аввалроқ Ғарб ОАВлари Зоҳир Агбар ташқи ишлар вазири Амирхон Муттаки буйруғи билан Афғонистоннинг Тожикистондаги элчиси лавозимидан озод этилгани ҳақида хабар берган эди.
"Элчихона Толибон ҳукуматини тан олмайди, бу мамлакатда ҳокимиятни қўлга киритган террорчи ташкилот. Дунёнинг барча давлатлари каби Тожикистон ҳам бу гуруҳни тан олмади. Элчихона одатдагидек иш олиб бормоқда. Тожикистоннинг амалдаги қонунчилиги асосида”, - деди Агбар.
Унинг сўзларига кўра, у Толибондан кўрсатма олган тақдирда ҳам, унга шунчаки эътибор бермасди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг август ойи бошида Толибон* Афғонистон ҳукумат кучларига қарши ҳужумларини кучайтириб, 15 август куни Кобулга кириб келди ва эртаси куни уруш тугаганини эълон қилди. Август ойининг сўнгги икки ҳафтасида АҚШ ҳарбийлари ҳимоясида бўлган Кобул аэропортидан Ғарб давлатлари фуқаролари ва улар билан ҳамкорлик қилган афғонлар оммавий эвакуация қилинган эди. 31 августга ўтар кечаси америкалик ҳарбийлар Кобул аэропортини тарк этиб, АҚШнинг Афғонистондаги қарийб 20 йиллик ҳарбий иштирокига якун ясади. Сентябрь ойи бошида Афғонистон муваққат ҳукумати таркиби эълон қилинди, унга биринчи Толибон ҳукмронлиги даврида ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаган ва 2001 йилдан бери БМТ санкциялари остида бўлган Муҳаммад Ҳасан Охунд бошчилик қилди.
* Террорчилик фаолияти учун БМТнинг санкциялари остида