ТОШКЕНТ, 3 янв - Sputnik. Ўтган 2022 йилда Ўзбекистонга қанча миқдорда инвестициялар кириб келгани ҳақида Sputnik мухбири хабар беради.
“Инвестиция – иқтисодиёт драйвери саналади. Мамлакат сиёсатининг ажралмас қисми бугунги кунда инвестицияларга боғлиқ бўлиб қолди. Сўнгги 6 ойда инвестиция ҳажмини ЯИМнинг 30 фоизидан оширишга эришилди”, деди Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги мутахассиси Шоҳрасул Шоҳаъзимий.
Ўтган бир йил давомида Ўзбекистонга жами 240 трлн сўм инвестициялар жалб қилинган, шулардан 8 млрд доллари тўғридан тўғри кириб келган ва экспорт миқдори 19 миллиард долларни ташкил этади.
Инвестиция киритилган давлатлар Хитой, Япония, Жанубий Корея, Россия, Беларусь, МДҲ, Европа мамлакатлари ва бошқалар.
“Ўтган 2022 йилда “Янги Ўзбекистон рақобатбардош маҳсулотлар юрти” дастури доирасида 2000 га яқин тадбиркорлар илк бор ташқи бозорларга чиқди. Бунда тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш, озиқ овқат ва бошқа тармоқларда фаол ишбилармонларнинг маҳсулотлари жаҳон бозорларини эгаллади”, деди мутахассис.
Давлат инвестиция дастури доирасида 3,7 млрд долларлик 158 та йирик лойиҳалар ишга тушди ва мамлакатда 25 000 га яқин янги иш ўринлари яратилди.
Мазкур лойиҳаларнинг кўпчилиги энергетика ва тоғ-кон металлургия саноати, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат ва қурилиш материалларини ишлаб чиқариш соҳаларига тўғри келади.
Эндиликда 2023 йилда 30 миллиард долларлик инвестициялар жалб қилиниши режалаштирилган, унинг 25 миллиард доллари хусусий инвестициялар бўлади.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ташаббуси билан 3000 дан ортиқ лойиҳалар ишга туширилиши мақсад қилинган. Янги лойиҳаларга инвестиция киритилиб, ишга тушиши билан янги иш ўринлари яратилади ҳамда тармоқлар ривожлантирилади.