Фундаментал фанларни бекор қилиш ҳақидаги фикрлар ҳеч бир асосга эга эмас - таълим вазири

Ҳар бир инсон қайси касбни танламасин, дунё қандай тузилганини билиши шарт - вазир.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 янв - Sputnik. Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинаётган мактабларда физика ва кимё фанларини қисқартириш борасидаги ўз фикрини билдирди.
Вазир айтишига кўра физика ва кимё каби фундаментал фанларни ўқитиш асносида инсоннинг фикрлаш қобилияти ривожланади. Бундай салоҳиятга эга бўлган шахс эса ҳодисаларни таҳлил қилиш, тушуниш ва тушунтиришга қодир бўлади.

Шундай экан, таълим соҳасига масъул раҳбар сифатида ушбу фундаментал фанларни мактаб ўқувчиларига ўқитилишини бекор қилиниши ҳақидаги фикрлар ҳеч бир асосга эга эмаслигини ва бундай хавотирга ўрин йўқлигини маълум қиламан. Аксинча, эндиликда биз мактабларда ушбу фанларни ўқитишни амалиёт билан боғлаш устида бош қотиришимиз ва бунинг учун барча зарур шарт-шароитларни яратишга бор эътиборимизни қаратишимиз зарур, - деди Умарова.

Барчамиз яхши биламиз, мактаб — ҳар қандай соҳа ва йўналишда инсонга билим пойдевори бўлиб хизмат қиладиган маскан саналади. Муҳандису шифокор, дунёга машҳур олиму спортчи ёки бошқа турли касб эгалари бўлсин, шу мактабдан етишиб чиқади, ҳаётий тушунча ва билимларни, аввало мактабда олади. Шундай экан, мактаб ҳар бир ўқувчи учун базавий билим пойдеворини қўйиши лозим.

Келажакда гуманитар соҳани эгаллайдиган ўқувчиларга физика ёки кимё фанларини ўқитиш керак эмас, дейиш мумкин эмас. Сабаби ҳар бир инсон қайси касбни танламасин, мавжуд илмий парадигма асосида дунё қандай тузилганини билиши шарт, - деди вазир.

Шунингдек, Умарова президент томонидн 2023 йил “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилинганини эсга олди ва вазирлик олдидан мактабларда таълим сифатини кўтариш, битирувчи ёшларнинг бирор касб сирларини ўрганиб чиқиши, касбга йўналтириши вазифаси турганини айтиб ўтди.