Дохада ўзбекистонлик оғир атлетикачи олтин медални қўлга киритди

Холқаро турнирда дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 150 нафарга яқин маҳоратли оғир атлетикачи иштирок этди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 янв - Sputnik. Қатар пойтахти Дохада оғир атлетика бўйича бўлиб ўтаётган “Қатар кубоги” мусобақасида Ўзбекистон вакили олтин медал соҳиби бўлди. Бу ҳақида ЎзА хабар қилмоқда.
Янги йилнинг илк олтин медалини 73 килограмм вазн тоифасида иштирок этаётган Достон Ёқубов қўлга киритди.
Маҳоратли спортчи даст кўтаришда 137 кило, силтаб кўтаришда 175 ва иккикураш натижасига кўра 312 кг кўрсаткичга эришди. Шу тариқа ўзбекистонлик спортчи бирваракайига 3 та олтин медални қўлга киритди.
Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ушбу турнирда дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 150 нафарга яқин маҳоратли оғир атлетикачи 10 та вазнда ғолиблик учун кураш олиб борди.