Тошкентдан Олмаотага учган самолёт кучли турбулентлик ҳудудига тушиб қолди

Дастлабки маълумотларга кўра, етти нафар йўловчи турли тан жароҳатлари олган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 2 янв — Sputnik. Бугун Тошкентдан Олмаотага учган самолёт бортидаги кучли турбулентлик (гирдобли ҳаракат) туфайли етти нафар йўловчи жароҳат олди. Бу ҳақда “Air Astana” авиакомпанияси хабар берди.

“Дастлабки маълумотларга кўра, етти нафар йўловчи турли тан жароҳатлари олган. Самолёт 16:45 да Олмаота шаҳрига қўнган. Рейс экипажи йўловчиларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатган”, - дейилади хабарда.

Самолёт маҳаллий вақт билан 14:35 да ҳавога кўтарилган.
Қайд этилишича, авиакомпания рейс йўловчиларига ҳар томонлама ёрдам беради. Шунингдек, воқеа ваколатли органлар томонидан текширилади.