ТОШКЕНТ, 2 янв — Sputnik. Бухоро – Тошкент йўналишидаги “Афросиёб” тезюрар поезди носозлик сабаб Чинозда тўхтаб қолди. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” матбуот хизмати маълум қилди.
Таъкидланишича, кеча, 1 январь куни Бухоро – Тошкент йўналишидаги 769-сонли “Aфросиёб” юқори тезликда ҳаркатланувчи электропоезди электр кучланишли сим тармоғидаги носозлик сабабли Янги Чиноз – Чиноз перегон оралиғида тўхтаб қолган.
“Йўловчиларни манзилга хавфсиз етказиб келиш мақсадида 20:35 да Тошкент Шимолий вокзалидан захира “Aфросиёб” электрпоезди жўнатилди ва ушбу поезд Чиноз бекатига 21:05 да етиб борди, 269 нафар йўловчи захира поездига хавфсиз ўтказилди ва поезд Тошкент Марказий вокзалига 22:05 да етиб келди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, йўловчиларга йўл давомида қўшимча иссиқ чой-кофе ва озиқ-овқат бепул тарқатилди. Шунингдек, 269 нафар йўловчига чипта нархи тўлиқ қайтариб берилади.