ТОШКЕНТ, 1 янв — Sputnik. Янги йилда инсонни қадрлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган ишлар юқори босқичга кўтарилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига йўллаган янги йил табригида маълум қилинди.
Қайд этилишича, 2022 йилда машаққатли ва жасоратли меҳнат билан тараққиёт йўлида муҳим марраларга эришилди. Инсон қадрини улуғлаш, халқни рози қилиш борасида янги қадамлар қўйилди.
Мамлакатда 2023 йилга “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб ном берилди.
“Фарзандларимиз сифатли таълим ва тарбия олиб, баркамол шахс бўлишлари учун бошлаган ишларимизни изчил давом эттирамиз. Муҳтарам фахрийларимиз, азиз аёлларимиз, шунингдек, ёрдамга муҳтож инсонлар учун муносиб шароит яратиш эътиборимиз марказида бўлади”, дейди президент.
Шунингдек, илм-фан, тиббиёт, маданият ва санъат соҳалари вакилларини, ўқитувчи ва мураббийларни қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият қаратилади.