ТОШКЕНТ, 1 янв — Sputnik. КХДР етакчиси Ким Чен Ин мамлакат партияси пленумидаги маърузасида биринчи разведка сунъий йўлдоши ва ракета ташувчисини яқин вақт ичида якунлаш ва ишга тушириш бўйича кўрсатма берди. Бу ҳақда РИА Новости КХДР Марказий телеграф агентлигига таяниб хабар берди.
“Маърузада (Ким Чен Ин – таҳр.) Коинотни тадқиқ қилиш давлат бошқармаси якуний босқичда олға силжувчи разведка йўлдоши ва ракетасини яратиш бўйича бенуқсон ишларни олиб бориши ва яқин кунларда биринчи ҳарбий сунъий йўлдошни ишга тушириши лозимлиги қайд этилган”, - дейилади хабарда.
Айтилишича, Ким Чен Ин маърузасида 2023 йилга мўлжалланган мақсадлар ва давлат тараққиёти учун зарур бўлган вазифаларни амалга ошириш йўллари баён қилинган.
Шимолий Корея етакчиси ўз сўзида душманлар билан қандай курашиш, партия аъзолари ва раҳбарияти қандай фаол бўлиши кераклиги ҳақида гапирар экан, бир қатор соҳалар бўйича истиқболдаги мақсад ва кўрсаткичларга тўхталиб ўтган.