ТОШКЕНТ, 1 янв — Sputnik. Кўзи ожиз ва кўришда нуқсони бўлган ўқувчилар учун 20 мингдан зиёд нусхада ўқув адабиётлари чоп этилади. Бу ҳақда Маданият вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, болалар мусиқа ва санъат мактабларида таҳсил олаётган кўзи ожиз ва кўришда нуқсони бўлган ўқувчилар учун 8 номдаги ўқув адабиётлари нашрга тайёр ҳолга келтирилган. Уларни 2023 йилнинг 1 чораги давомида чоп этиш режалаштирилган.
“Ўтган йили мактабларнинг кутубхоналари 11 номдаги 58 мингдан зиёд ўқув адабиётлари билан таъминланди. Улар учун матн ва нота ёзувларининг муқобил шакллари 1900 нусхада ўқув адабиёти сифатида тегишли таълим муассасаларига етказилди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Совғалар карвони" Жиззахдаги кўзи ожиз болаларга махсус мўлжалланган ўқув қуролларидан иборат тўплам етказиб берган эди. Тўплам Брайль ёзуви учун мослама ва стилуслар, спорт анжомларидан иборат.