ТОШКЕНТ, 1 янв — Sputnik. Қашқадарё вилоятида 31 декабрь куни уйда ёлғиз қолиб кетган болакай қутқариб қолинди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, 31 декабрь куни соат 15.10 лар атрофида вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Навбатчи диспетчирлик хизматига Қарши шаҳар 3-митти тумани 25-уй, 43-хонадонининг кириш эшиги қулфланиб, у ерда 1 нафар ёш бола қолиб кетганлиги тўғрисида хабар келиб тушган.
Хабарга кўра, хонадоннинг ошхонасидаги газ плитаси ёниқ бўлган.
Зудлик билан маълум қилинган манзилга етиб борган вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарув отряди қутқарувчилари томонидан хонадон кириш эшигини очишда амалий ёрдам кўрсатилди. Болакай соғ-саломат онасининг қўлига топширилди.